Qonunchilikdagi yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги ПФ-156 сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ташқи савдо операциялари бўйича валюта назоратини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Фармон билан божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддатлари бирхиллаштирилди ва уларнинг 120 кундан ошмаслиги белгиланди.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига Божхона қўмитаси томонидан амалга ошириладиган “Божхона кодекси талаблари асосида божхона аудитини ўтказиш” текшируви киритилди. Текширув Божхона кодексида белгиланган муддатлардан ошмаган ҳолда ўтказилади.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмаслиги ўз кучини йўқотди.

Тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви санасига қадар 12 ой давомида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга берилган рухсат бекор қилинди.