Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти туберкулёз касаллиги бўйича янги ҳисоботни эълон қилди.
Унда қайд этилишича, 2023 йили ушбу хасталик дунё бўйича 8,2 миллион кишида аниқланган. Хавотирли жиҳати, бу 2022 йилга нисбатан 0,7 миллионта кўп ва 1995 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.
“2023 йилда сил юқумли касалликлардан ўлим ҳолатларининг асосий омилига айланиб, бу борада CОVID-19 ни ортда қолдирди, — дейилади ҳисоботда. — Ўтган йили тубуркулёз оқибатида 1,25 миллион киши ҳаётдан кўз юмган ва бу кўрсаткич ундан аввалги йилга нисбатан бироз камайган бўлса-да, беморлар сони тахминан 10,8 миллион нафарга ошган».
Энг кўп касалланиш ҳолатлари Ҳиндистон (26 фоиз), Индонезия (10 фоиз), Хитой (6,8 фоиз), Филиппин (6,8 фоиз) ва Покистон (6,3 фоиз) давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
ЖССТ хулосасига кўра, дунё бўйлаб туберкулёзнинг дориларга чидамли турлари кенг тарқалиши “инқироз омили”дир. Ўз навбатида, ташкилот мазкур юқумли касалликнинг ривожланиш хавфини оширадиган беш асосий омилни келтириб ўтди.
🔎 Булар — тўйиб овқатланмаслик, ОИВ инфекцияси, спиртли ичимликлар асоратлари билан боғлиқ касалликлар, чекиш ва қандли диабет.
✅ Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда туберкулёзни даволаш самарадорлиги кейинги йилларда 90 фоизга етказилди ва бу ЖССТнинг хасталикни тугатиш стратегияси мақсадларига мосдир.
‼️ Шунингдек, Президент ва Ҳукумат қарорларида белгиланган чора-тадбирлар туфайли сўнгги йилларда юртимизда туберкулёз билан касалланиш даражаси 1,5-2 баробар, ўлим ҳолатлари 6-8 баробар камайди. Бу — дунёнинг жуда кам сонли давлатлари эришган кўрсаткич.