Аҳолининг юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун адвокатура соҳасини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Адвокатлар сонини кўпайтириш мақсадида соҳага ишга киришдаги айрим тўсиқлар олиб ташланди.
Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам жиноят ишлари билан бир қаторда, фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ҳам кўрсатилиши белгиланди.
Амалиётда аҳоли адвокатлар хизматларидан қандай фойдаланмоқда? Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси Гулруҳ Мамараимова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Адвокатлар хизматларидан фойдаланиш тобора кенгайиб бормоқда. Муҳими, аҳолида соҳа вакилларига бўлган ишонч шаклланмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, адвокатларнинг фуқаролик ва иқтисодий суд ишларида тарафнинг вакили сифатида иштирок этишига ордернинг ўзи етарли ҳисобланади. Лекин кўп ҳолларда адвокатга уни вакил қилган тараф ишончнома бермаган бўлса, у фақат ишда адвокат сифатида иштирок этади, деган бироз янглиш тушунчалар ёхуд тараф номидан ишончномаси бўлмаган адвокат тушунтириш ёки қарши тарафга савол беришга ҳаққи йўқ, деган эътирозларнинг гувоҳи бўляпмиз.
Бунда, ишда иштирок этувчи шахс томонидан берилган ишончномаси бор адвокат вакилу, ишончнома берилмаган адвокат вакил эмасми, деган ўринли савол пайдо бўлади. Бу саволга амалдаги процессуал қонунларга таянган ҳолда жавоб берсак. Тегишли кодексларга кўра, адвокат фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда вакиллик қилиши мумкин бўлган субъектлардан бири ҳисобланади. Хусусан, процессуал кодексларимизда суд ишларида вакил сифатида иштирок этиши мумкин бўлган шахслар доираси белгиланган. Унга кўра, адвокат, қариндош ва бошқалар судда вакиллик қилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан адвокатнинг фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишдаги мақоми вакил ҳисобланади.
– Адвокат вакил сифатида уни вакил қилган шахснинг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкинми?
– Ҳа, албатта. Зеро, Иқтисодий процессуал кодекс (ИПК)нинг 63-моддасида судда иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бериши белгиланган.
Шунга ўхшаш мазмундаги норма Фуқаролик процессуал кодексининг 69-моддаси биринчи қисмида, яъни судда иш юритиш ваколатлари вакилга барча процессуал ҳаракатларни ваколат берувчи номидан амалга ошириш ҳуқуқини бериши белгиланган.
– Демак, адвокатга уни вакил қилган процесс иштирокчисининг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланиш учун ишончнома берилган бўлиш шарт эмас. Шундайми?
Адвокат вакил сифатида қонунда белгиланган айрим процессуал ҳуқуқлардан фойдаланганда албатта махсус ишончнома талаб қилинади. Бошқа ҳолатларда ишончнома шарт эмас. Сабаби, ИПКнинг 62-моддасида ҳамда ФПКнинг 68-моддасида адвокатнинг ваколатлари қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланиши қайд қилинган бўлиб, мазкур норма адвокатнинг ваколатини расмийлаштиришни махсус қонунларга ҳавола қилган.
“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли экани ордер билан тасдиқланиши назарда тутилган. Демак, адвокат фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда тараф вакили бўлиб, у адвокатлик ордери билан тарафнинг барча ҳуқуқларидан, жумладан, тушунтириш ва саволлар бериш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Бироқ, шуни ёдда тутиш керакки, тарафларнинг махсус процессуал ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, улардан ҳар қандай вакил, жумладан, адвокат фойдаланиши учун махсус ишончнома талаб қилинади. Мисол учун, даъво аризасини имзолаш, келишув битими тузиш, даъводан воз кечиш каби махсус процессуал ҳуқуқлардан вакиллар фойдаланилганда, мазкур махсус ҳуқуқлар алоҳида кўрсатилган ишончнома тақдим қилиши лозим. Бу, ўз навбатида, судда вакил сифатида иштирок этаётган адвокатларга ҳам тегишли ҳисобланади.
Шу ўринда адвокатларнинг судларда иштироки юзасидан тўхталиб ўтсак. Адвокатларнинг суд ишларини юритишда вакил сифатида иштироки ижобий ҳолат, албатта. Адвокатлар иштирок этган ҳолатларнинг адвокат иштирок этмаган ҳолатлардан фарқи –бундай ишларда асосийси даъвогарлар даъво талабларини тўғри қўяди. Жавобгарлар ҳам ишга алоқадор эътирозларини маълум қилади. Шунингдек, далилларни ҳам ўз вақтида тақдим қилади. Бу судлар томонидан ишларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишига сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида айтиб ўтамизки, меҳнат низолари бўйича иштирок этаётган адвокатлар фаолияти самарали кечмоқда. Уларнинг ютуғи бир жамоага бирлашгани ва бир хил ёндашувни барчалари қўллаб-қувватлашида. Шунингдек, уларнинг билим ва малакалари ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.