Ангионеврология: Инсультни даволашда ноёб жарроҳлик усуллари қўлланилмоқда

🧠 Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази сурункали мия қон-томир етишмовчилиги билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва даволашнинг самарали тизимини ташкил этиш, уйқу артерия стенозига чалинган беморларни хирургик даволашнинг замонавий усулларини жорий этишга масъул бўлган, вертикал бошқарув тизимига эга муассасадир.

✅ Оддий қилиб айтганда, ангионеврология — бу турли мутахассисликлар, биринчи навбатда, кардиология ва неврология биргаликда ишлайдиган соҳа ҳисобланиб, асосий вазифа — мия-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволашдир.

📌 Демак, марказ асосан сурункали бош мия қон айланиши етишмовчилиги ва мультифокал атеросклероз муаммоси билан шуғулланганлиги сабабли бу ерда қон томир жарроҳлари, жарроҳлар, невролог ҳамда кардиологлар, анестезиолог-реаниматолог, эндокринолог, офтальмолог ва бошқа шифокорлар беморлар дардига шифо топишади.

🩺 Муассасада беморлардаги патологик ҳолатларни ташхислаш ва даволашда қон томир тизимини текширувчи усулларнинг барчаси, яъни:

➡️ қон томирларни дуплекс сканерлаш,
➡️ транскраниал дуплекс сканерлаш,
➡️ электрокардиография,
➡️ эхокардиография,
➡️ электроэнцефалография,
➡️ транскраниал церебрал оксиметрия,
➡️ ультратовуш диагностика,
➡️ холтер-мониторинг,
➡️ тредмил-тест,
➡️ мультиспирал компьютер-томографик ангиография,
➡️ рентгеноконтраст ангиография,
➡️ физиотерапия ва функционал реабилитация каби замонавий усуллардан фойдаланилади.

🟢 Вертебробазиляр етишмовчилик мавжуд бўлган беморларда умуртқа артерияларига махсус цилиндрик стентларни ўрнатиш,

🟢 ички уйқу артериясининг экстракраниал ва интракраниал қисмларининг атеросклеротик зарарланишида бир босқичда ёки босқичма-босқич стентлаш амалиётлари,

🟢 уйқу артерияларининг кўплаб атеросклеротик зарарланишларида гибрид амалиётларини бажариш каби ноёб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилгани сабабли беморлар дарддан ҳалос бўлмоқда.

📊 Бажарилаётган жарроҳлик амалиётлари сони йилдан йилга ошиб бормоқда, хусусан, 2022 йилда уларнинг сони 425 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 517 тага етиб, уларнинг 192 таси эндоваскуляр усулда амалга оширилган. Айтиш жоизки, экстракраниал артерияларда бажарилувчи барча операциялар юқори технологик амалиётлар қаторига киради.

🗓 Марказ ходимлари келгусида сурункали бош мия қон айланишини эрта ташхислаш ишларини кучайтириш, бунда тарғиботни жонлантириш, телемедицина йўналишини такомиллаштириш, ҳудудий филиаллар фаолиятини ривожлантириш, бажарилаётган юқори технологик амалиётлар турини кўпайтириш каби режаларни ўз олдига қўйишган.